Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Покистон Ислом Республикаси Президенти Асиф Зардарига Исломобод шаҳрида юз берган авиахалокат туфайли кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Карачидан Исломободга учаётган "Bhoja Airline" авиакомпаниясига қарашли самолёт ўтган жума куни махаллий вақт билан соат 18:50 да қўнишидан бир қанча муддат илгари портлаб кетганди. Оқибатда унинг бортида бўлган жами 127 нафар киши ҳалок бўлган. Уларнинг 9 нафари экипаж аъзоларидир. Бундан ташқари самолёт қулаб тушган ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли орасида ҳам жарохатланганлар бўлиши мумкинлиги маълум қилинган. Маълумотларга кўра, самолёт 40 қа яқин хонадонга зиён етказган. Авиахалокатга ноқулай об-ҳаво сабаб қилиб кўрсатилмоқда.