Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида мамлакат Бош прокурори киритган порнографик маҳсулотлар тарқалишига қарши курашни кучайтиришни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Озодликка кўра, шу пайтгача ҳам Ўзбекистонда порнографик маҳсулотлар тарқалишига қарши курашнинг қонуний асослари мавжуд эди. Мамлакат Жиноят кодексининг 130-моддаси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-моддаси порнографияга қарши курашнинг ўша қонуний асосларидир. Хабарларга қараганда, сўнгги 3 йил ичида Ўзбекистонда умумий қиймати 44,5 миллион сўмлик ёки 24,6 минг долларлик порнографик маҳсулот қўлга олинган. 430 киши жавобгарликка тортилган. Xabarlarga kura Бош прокурор таклиф қилаётган ўзгартишлардан Жиноят кодексининг 130-моддасини янги таҳрирда тўлдириш назарда тутилади. Янги таҳрирдаги моддага биноан порнографик маҳсулотларни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ёки тайёрлаш энг кам иш ҳақининг 400 бараваридан 600 бараваригача жарима, 3 йилгача аҳлоқ тузатиш ёки 6 ойгача қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Жиноят такроран ёки гуруҳ томонидан содир этилса, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзида жазо белгиланади. Бош прокурор Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-моддасига ҳам ўзгартиш киритишни таклиф қилмоқда. Модданинг янги таҳририга биноан аҳлоққа зид маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларга энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга 100 баравардан 150 бараваргача жарима белгиланади.
|